Meros, 2023, т. 3, № 1, с. 189-199
Муҳсиний девони қўлёзмалари ва шеърларининг матн хусусиятлари
Аннотация · Abstract
Мақолада Қўқон адабий муҳитида тарбия топган Муҳсиний адабий мероси манбалари, дастхат девони, ундан ўрин олган асарлари ва шеърларининг матн хусусиятлари ҳақида мулоҳазалар баён қилинади. Ҳусайнқули Сулаймонқули ўғли Муҳсиний (1860–1917) Қўқонда яшаган, адабий мероси кам ўрганилган истеъдодли шоирдир. У шоир бўлиш билан бирга моҳир хаттот ҳам бўлган. Пўлатжон Қаюмовнинг “Тазкираи Қаюмий” асарида мусиқашунос, настаълиқ ва шикаста хатларини эгаллаган хаттот, бедилнавис ва Бедилхон, фозил шоир дея таъриф этилса, Абдулқодир Муродов “Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан” китобида Фарғонанинг турли хатларга моҳир хаттотлари қаторида санаш билан бирга, араб, форс ва ўзбек адабиётидан хабардор, истеъдодли шоир сифатида алоҳида эътироф этилган. Муҳсиний лирик шеърларини тўплаб тўртта қўлёзма девон тузган. Унинг бир нусхаси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 7392 ашё рақам остида сақланади, бу нусха Муҳсинийнинг ўзи томонидан кўчирилган дастхат манба экани билан аҳамиятлидир. Унда шоирнинг ғазал, мухаммас, мусаддас, мусамман, таржеъбанд, нома, қасида таърих, рубоий каби жанрларда ёзилган 7426 мисра шеъри жамланган. Ушбу девон Муҳсинийнинг фанга маълум тўртта қўлёзма девонлари орасида энг мукаммали бўлиб, шоир умрининг охирида – 1917 йилда тартиб берган. Мазкур девондаги 8 та ғазалдаги айрим сўзларнинг қўлланиши, ёзилиш шаклида шоирнинг ўзига хос ёндашуви кузатилади. Маълумки, ошиқ, маъшуқа, рақиб образлари мумтоз шеъриятнинг асосини ташкил этувчи, айни пайтда бир-бирига қарши қўйиладиган образлардир. Зотан, Муҳсиний мазкур образлар моҳиятини нафақат сўз, балки унинг хаттотлик жиҳатидан шаклини тескари ёзиш орқали янада таъсирчан талқин эта олган. Ушбу образларни англатувчи сўзни тескари шаклда битиш, хаттот маҳоратининг ўзига хос қиррасини кўрсатиши жиҳатидан аҳамиятли бўлиб, шоирнинг бадиий шакл ва мазмун уйғунлигига алоҳида эътибор қаратгани диққатга моликдир.
Сведения · Details
- DOI 10.66803/2020.1.122
- Журнал · Journal Meros
- Язык · Language узбекский
- Цитирования (Crossref) · Citations 0
- Лицензия · License creativecommons.org/licenses/by/4.0