Central Asian Research Index

Meros, 2023, т. 3, № 1, с. 140-152

Айюбнинг “Шарҳи Маснавийи Мавлавий” асарида келтирилган Жалолиддин Румий ҳаётига оид маълумотлар

Iroda Umarova

Аннотация · Abstract

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг (1207–1273) энг йирик дидактик асари “Маснавийи маънавий” бўлиб, уни тушуниш инсондан улкан билим талаб қилгани боис, ушбу асар ёзилган дастлабки пайтдан ҳозиргача унга бағишлаб шарҳлар ёзилган. Мазкур асарда нафақат дин ва тасаввуф масалалари, балки Румий ҳаёти ва ижодига маълумотлар ҳам кўплаб учрайди. Табиийки, унга оид шарҳларда ҳам озми-кўпми маълумотлар мавжуд. Шундай асарлардан бири Айюбнинг Жалолиддин Румий “Маснавийи маънавий”сининг олтита дафтарига ёзган шарҳи ҳисобланади. Асарнинг бир нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида 2225/II ашё рақами билан сақланади. Қўлёзма варақларининг ўртасида Румий “Маснавий”си, ҳошиясида унга мутаносиб тарзда Айюбнинг “Шарҳ”и келтирилган. Айни пайтда шарҳда баъзи сўзларга изоҳ берилган, Румий ҳаётига оид ва айтган ўгитлари акс этган ҳикоялар ифодаланган. Айрим ҳикоялар шориҳнинг ўзи томонидан келтирилган. Бошқалари эса муайян манба, хусусан, Қуръони карим ёки “Маноқиб ал-орифин” (“Орифлар маноқиби”) каби манбалар асосида шарҳланиб, ҳар бир изоҳ ёки ҳикоя аввалида ўша маълумот олинган манбани қайд этилган. Шунингдек шориҳ баъзи ҳикояларни бирор шахс номидан баён қилган ва бундай ҳолда шахс номи аниқ келтирилган. Мақолада мазкур ҳолатлар алоҳида таснифланиб, мисоллар воситасида очиб берилган. Шарҳларда Мавлоно амаллари, унинг яқин кишиларига оид маълумотлар, Румийни нафақат шоир, балки “Мавлавия” тариқатининг асосчиси, ўз даврининг етук донишманди, комилликнинг юксак чўққисига эришган авлиёси экани хилма-хил ҳикоятлар мисолида ёритилган. Айюб шарҳини тадқиқ этиш, унинг Румий ҳаёти ва ижодига оид кўплаб асарлар мутолаа қилгани, луғатлар билан ишлагани, диний ва тасаввуфий билимларини такомиллаштиргани, олдин ёзилган шарҳлардан маълумотлар тўплаганини кўрсатмоқда. Бинобарин, “Шарҳи Маснавийи Мавлавий” асари Румий ҳаёти ва ижодига оид кўплаб бошқа манбаларнинг энг сараларидан ҳисобланади.

Сведения · Details